Мўйноқда газ бурғилаш вақтида технологик жараён бузилиши натижасида ердан катта босимда газ сизиб чиққани айтилган видеолар тарқалди. Энергетика вазирлиги баёнот билан чиқиб, унинг таркиби зарарсиз эканлигини билдирди.

Маълум қилинишича, 2025 йил 26 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, “Учсой” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Муйноқ” конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилди. Бу қудуқ — ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади.
Газ босими кутилган даражадан юқори бўлганлиги сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб барча тегишли ташкилотлар — “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси бошчилигидаги Жамиятга қарашли “Очиқ нефть ва газ фаввораларини олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмининг Марказий ҳарбийлаштирилган назорат отряди”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари воқеа жойида бўлиб турибди.
“Энг асосийси, ушбу қудуқ аҳоли яшаш жойидан узоқда ва газ таркибида олтингугурт йўқ бўлган тоза метан ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, Устюрт ҳудудидаги барча конлардан олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт учрамайди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, айни дамда ҳолатни бартараф этиш учун хизмат қилаётган ишчи ходимлар соғлиғини сақлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва ҳайвонот оламига зарар етишининг олдини олиш мақсадида газ назорат остида ёқиб қўйилди.
“Ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Шу сабабли одамлардан ваҳимага тушмасликларини сўраймиз”, дейилади баёнотда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча ҳолат юзасидан ахборот бермаган.
Изоҳ (0)