Қозоғистоннинг Уральск шаҳар суди 81 ёшли табиб аёл Нина Солоповани, у ёзиб берган хантал кукуни билан даволаш услубини қўллаш оқибатида икки нафар ёш бола вафот этгани сабаб, икки йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, суд ҳукмни чиқаришда айбланувчининг кекса ёшда эканлигини, шунингдек, жабрланувчилар томонидан унга нисбатан ҳеч қандай эътироз ёки шикоятлар йўқлигини ҳисобга олган.
Жиноят иши маълумотларига кўра, шаҳарда «баба Нина» («Нина хотин») номи билан танилган табиб аёл бир онага боласини етти ярим соатга хантал кукунига ўраб қўйишни, бошқа бир аёлга эса фарзандининг қорнига 10 кун муддатга ханталли лейкопластирни ёпиштириб қўйишни тавсия қилган. Ҳар иккала бола кейинчалик касалхонада вафот этган.
Ҳатто саратонни ҳам даволай олишини даъво қилаётган «Нина хотин» болаларнинг ўлимида ўзини айбдор ҳис қилаётгани йўқ. Унинг сўзларига кўра, болаларнинг оналари уни нотўғри тушунган ва унинг кўрсатмаларига тўғри риоя этмаган.
Изоҳ (0)