15 сентябрь, сешанба куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида ташкилот Бош Ассамблеясининг 70-сессияси ўз ишини бошлайди. БМТ тарихидаги воқеаларга энг бой давр бўлиши кутилаётган йиллик циклга бош котиб Пан Ги Мун ва ушбу сессия раиси этиб сайланган даниялик дипломат Могенс Ликкетофт оқ фотиҳа беради. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
70-сессия кун тартибидан 170 та мавзу, жумладан, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, қуролли можароларнинг олдини олиш, терроризм ва ирқий камситишга қарши кураш, атроф-муҳитни асраш, ядро қуролини тарқатмаслик тартибига риоя этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, сессия бошлаб берадиган сиёсий йил давомида БМТ бош котибини сайлаш бўйича кампания расман эълон қилинади. 2007 йил, 1 январдан бери бу лавозимни эгаллаб турган Пан Ги Муннинг ваколати 2016 йил, 31 декабрда якунланади ва у учинчи беш йиллик муддатга сайланиш ҳуқуқига эга эмас.
Бўлажак номзодлар қаторида ЮНЕСКО ижрочи директори Ирина Бокова, БМТ Ривожланиш Дастури раҳбари Хелен Кларк, Чили етакчиси Мишель Бачелет, Литва президенти Даля Грибаускайте ҳамда Даниянинг собиқ бош вазири Хелле Торнинг-Шмидт номлари кўпроқ тилга олинмоқда.
Изоҳ (0)