Таиланд пойтахтида 17 ва 18 август кунлари рўй берган икки портлаш бир-бири билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Таиланд полицияси раҳбари Сомйот Пумпунмуанг маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Биринчи портлаш натижасида 20 киши ҳалок бўлди, 125 киши тан жароҳати олди. Иккинчи теракт вақтида эса, оломонга қарата портловчи қурилмани отган номаълум шахс нишонда адашди ва қурилма сувга бориб тушиб, баландлиги 10 метр бўлган тўлқинни келтириб чиқарди, ҳодиса натижасида ҳеч ким жабр кўрмади.
«Тахминимизча, бу икки ҳодиса бир-бири билан боғлиқ. Ҳар икки ҳолатда ҳам таркиби ўхшаш қўлбола портловчи қурилмалардан фойдаланилган», — дейди мамлакатнинг бош полициячиси.
Бундан ташқари, полиция Facebook ижтимоий тармоғидаги ҳукуматга қарши гуруҳлардан бирининг аъзоларини ҳам қидирмоқда, бу гуруҳда аввалроқ: «14—18 август кунлари ҳушёр ва эҳтиёт бўлинг», — қабилида огоҳлантирувчи хабар қолдирилган эди.
Тезкор маълумотларга кўра, мазкур хабарни ёзиб қолдирган интернет-фойдаланувчилардан бири ҳозирги вақтда Таиланд шимолида яшириниб юрибди.
Изоҳ (0)