Қозоғистоннинг Атирау вилоятида Ўзбекистон фуқаросини ўлдиришда гумон қилинаётган полициячи қўлга олинди. Бу ҳақда Атирау вилояти Ички ишлар департаменти матбуот хизматига таяниб, «Tengrinews.kz» хабар бермоқда.
Атирауда яшайдиган шахс полицияга қўнғироқ қилиб, унинг уйида вақтинча яшаб турган, Ўзбекистон фуқароси бўлган 1989 йилда туғилган қариндоши йўқолгани ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, у уйига келганида, олтин тақинчоқлари ва пуллари сақланган сейф йўқолганлигини маълум қилган. Унинг бедарак йўқолган жиянини қидириш вақтида бу ишга полиция ходими алоқадор эканлиги аниқланди. Дарҳол оператив-қидирув гуруҳи тузилди.
Ўзбекистон фуқаросининг кўмиб қўйилган жасади Атираудан 30 километр узоқликда топилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари 1993 йилда туғилган полиция ходимини қўлга олди. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаросининг йўқолишига Атирауда вақтинча яшаб юрган яна бир ўзбекистонликнинг алоқаси борлиги аниқланди. Ундан ўғирланган қимматбаҳо тақинчоқлар олиб қўйилди.
Гумонланувчиларга «Одам ўғирлаш», «Босқинчилик» ва «Қотиллик» моддалари бўйича айб қўйилмоқда.
Изоҳ (0)