Тўнғизлар подаси ўз итларини ёввойи ҳайвонлардан ҳимоя қилишга уринган етмиш ёшли сицилияликни тилка-пора қилиб ташлади. Бу ҳақда, маҳаллий полицияга асосланиб, Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Ҳодиса Палермо вилояти, Чефалу шаҳри яқинида юз берган. Салваторе Ринаудо ўз итлари билан сайр қилиб юрганида, уларга тўнғизлар ҳужум қилган. Эркак ўз жониворларини қутқаришга уриниб, ҳалок бўлган.
Чефалу мэри шаҳар атрофида тўнғизларнинг кўпайиши аҳоли ҳаётига хавф солаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди. Бироқ бу ёввойи жониворларни оммавий қириш таклифи ҳудудий ҳокимият органлари томонидан рад этилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи Coldiretti умуммиллий ташкилоти тўнғизлар сони назорат қилиб бўлмас даражада ўсиб бораётганини «миллий фожеа» деб атаганди: тўнғизлар чорвани қирмоқда, экинларни пайҳон қилмоқда ва йўлларда қалтис вазиятларни келтириб чиқармоқда.
Изоҳ (0)