Япония АҚШдан мамлакат сиёсатчилари ва ишбилармонлари ортидан жосуслик қилингани тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш ёки инкор этишни талаб этади. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси бош котиби Есихидэ Суга маълум қилди, дея хабар беради «Корреспондент.net».
«Мен бу масалани шарҳлашдан тийиламан. Бироқ буларнинг барчаси рост бўлса, иттифоқчи давлат сифатида чуқур афсусда эканлигимизни билдирамиз», — дея таъкидлаган бош котиб.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Wikileaks ресурси АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги бир неча йил давомида Япония бош вазири Синдзо Абе, ҳукуматнинг бошқа аъзолари, шунингдек, Mitsubishi корпорациясининг масъул ходимлари телефонларини эшитиш билан шуғулланиб келганини тасдиқловчи ҳисоботни чоп этди.
АҚШ бундай жосуслик ҳисобига Япониянинг шериклари билан савдо муносабатлари, ядро соҳасидаги сиёсати, дипломатик алоқалари тўғрисида мукаммал маълумотга эга бўлган.
Изоҳ (0)