Тошкент метрополитини поездлар таркибини тўлиқ янгилашни режалаштирмоқда, деб хабар берди «Жаҳон» ахборот агентлиги. Барча вагонлар Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводида модернизация қилинади.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти вакилининг сўзларига кўра, поездлар таркибининг иккита муқобил варианти мавжуд бўлиб, улардан бири эксперимент сифатида ишга туширилган. Модернизациялаштирилган вагонларнинг ишлаш муддати 15 йилга узайтирилади.
Аввал хабар қилинганидек, эксперимент сифатида ҳаракатланаётган таркиб «Афросиёб» тезюрар поезди кўринишида ишланган. Иккинчисининг дизайни ҳам ишлаб чиқилган, раҳбарият икки ой ичида жавоб бериши кутилмоқда.
Қайд этилишича, модернизация ва капитал таъмирдан ташқари, келажакада янги вагонлар қурилиши ҳам режалаштирилмоқда. Бироқ бу қачон юз бериши маълум эмас. Баъзи вагонлардан фойдаланиш муддати 2018 йилда тугаши маълум қилинган.
Изоҳ (0)