Тошкент, кўчаларни планлаштириш борасида, пиёдалар эмас, автомобиллар шаҳрига айланиб бормоқда, деб ёзади «Газета.uz». Бундай шаҳарда автотранспорт роли ўсиб боради, машинаси бўлмаган кишиларнинг керакли манзилга етиб бориши эса қийинлашаверади.
«Тошкентдаги олти—саккиз полосали кўчаларни светофор билан белгиланган вақт ичида кесиб ўтиш ҳақиқатдан йироқ, тартибга солинмаган кесиб ўтиш жойларида тезлик камайтирилмайди, ер ости ва ер усти ўтиш жойлари эса масофани узайтиради ва автомобилсиз кишиларга қийинчиликлар туғдиради, хавфсизлик оролчалари ва етарли миқдордаги кўча белгилари эса йўқ», — дейилади мақолада.
Муаллиф мисол сифатида Тошкентнинг баъзи ҳудудларидаги йўлларни тилга олди. Хусусан, Тошкент курантлари ва Амир Темур хиёбонига туташган маъмурият биноси оралиғидаги йўл қисмида 2010 йилдан буён «зебра» чизиғи йўқлиги, энг яқин ўтиш йўли эса 180 метр масофада жойлашгани пиёдалар учун ноқулайлик келтириб чиқараётгани айтилади. Шунингдек, Ойбек ва Чехов кўчалари чорраҳасида ҳам шунга ўхшаш вазият ҳукмрон эканлиги қайд этилади.
Бундан ташқари, мақолада яқинда Мирзо Улуғбек туманида Салор базасидан Мустақиллик кўчасига олиб борувчи Сайрам 7-тор кўчаси ёпиб қўйилгани ҳам айтиб ўтилди.
Изоҳ (0)