2015 йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазири А.Абдуҳакимов Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фумиҳико Катони қабул қилди. Бу ҳақда Вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида ўзбекистонлик стажёрларни Японияда техник тайёрлаш дастури бўйича амалий масалалар муҳокама қилинди.
Япония томони Ўзбекистондан кўпроқ ишчиларни ўз ташкилотларига жалб қилиш учун Япония ассоциациялари ва ташкилотлари қўшимча тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориши лозимлигини қайд этди. Ушбу тадбирларни ўтказиш Ўзбекистондан кунчиқар юртга йўл оладиган стажёрлар сонини ошишига хизмат қилиши таъкидланди. Шу мақсадда томонлар ҳамкорликда сайт очишга келишиб олди.
Бундан ташқари, томонлар Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказига Япония гранти асосида тиббий ускуна ва жиҳозларни етказиб бериш масаласини муҳокама қилди. Сентябрнинг илк кунларида Япониядан келтирилган, қиймати 249 минг доллардан ортиқ тиббий ускуналар билан жиҳозланган мазкур минтақавий реабилитация марказидаги операция блокининг тантанали очилиш маросими ўтказилиши белгилаб олинди.
Изоҳ (0)