Япония бош вазири Синдзо Абе Россия билан боғлиқ ҳудудий масалани ҳал этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Россия президенти Владимир Путин билан гаплашганимда, у билан ишончли муносабатларни ўрнатдим», — деди Абе. Бош вазирнинг сўзларига кўра, мазкур муаммони «дўст-етакчилар ўзаро ҳал қилиши керак».
«Муаммони ҳал қилиш орқали Россия билан тинчлик битимини имзолашга ҳаракат қиламан», — дея қўшимча қилди Япония бош вазири Синдзо Абе.
Россия ва Япония ўртасидаги муносабатларнинг тўлиқ тартибга солиниши ва тинчлик битимининг имзоланишига жанубий Курил оролларига эгалик қилиш масаласи халал бермоқда.
Япония ва Россия ўртасидаги ҳудудий баҳс Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери давом этади — уруш якунларига кўра, Курил ороллари бутунлигича СССР таркибига қўшиб олинганди.
Бироқ Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи ороллари гуруҳига Япония мунтазам равишда даъво қилиб келади.
Изоҳ (0)