Буюк Британияда Қуръоннинг бир қисми топилди, у муқаддас китобнинг дунёдаги энг қадимий нусхаси бўлиши мумкин, деб ёзади «ТАСС».
Бирмингем университети ходимлари ўз кутубхонасида сақланаётган Қуръон саҳифалари бундан тахминан 1370 йил аввалги замонга тегишли эканлигини аниқлади. Бу назарий жиҳатдан, ушбу қўлёзма муаллифи Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар билан учрашган ёки унинг ваъзларини эшитган бўлиши мумкинлигини билдиради.
Қўй ёки эчки терисига битилган матн қарийб юз йил давомида ўқув муассасаси кутубхонасида сақланган. Кейинроқ у олимлар эътиборига тушган ва уни радиоуглеродли таҳлил қилишган. Тадқиқот натижалари 95 фоиз эҳтимол билан кўрсатишича, Қуръоннинг ушбу парчаси 568—645 йиллар оралиғида яратилган.
Дунёдаги музейлар ва шахсий коллекцияларда ҳам муқаддас китобнинг турли қисмлари сақланишини ҳисобга олган ҳолда, британиялик олимлар қулёзманинг дунёдаги энг қадимийси эканлигини аниқ айта олмайди, бироқ бу қилинган кашфиётнинг аҳамиятини заррача ҳам камайтирмайди.
Қулёзманинг саҳифалари университетга минглаб бошқа қадимий ҳужжатлар қаторида асли ироқлик тарихчи Альфонс Минган томонидан 1920 йилларда берилган.
Изоҳ (0)