Таниқли боксчи Мэнни Пакьяо Индонезиянинг Жокьякарта шаҳридаги қамоқда сақланаётган ва ўлимга маҳкум этилган филиппинлик аёлни кўргани борди ва уни афв этишга чақирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Адвокат Эдре Олалианинг сўзларига кўра, Пакьяо ўз аёли билан бирга қамоқдаги Мери Жейм Велосони кўргани борган ва бир соатга яқин вақт давомида шу ерда бўлган.
Велосо 2010 йили гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланганликда айбланиб, ўлимга маҳкум этилган эди. Ўшанда Жокьякарта аэропортида унинг багажидан героин топилган.
Велосо апрель ойида қатл этилиши керак эди, бироқ сўнгги лаҳзада ҳукмни ижро этиш қолдирилди. Айни вақтда, бошқа тўққиз нафар айбланувчи, хусусан, саккиз нафар чет эллик барибир қатл этилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Велосони фақат афв қутқариб қолиши мумкин, чунки қолган барча инстанция судларида аёл мағлуб бўлган.
Изоҳ (0)