Хитой чойи тарихи илгари тахмин қилинганидан анча қадимий бўлиб чиқди. Маҳаллий олимларнинг охирги изланишлари ҳозирги Хитой ҳудудида чой етиштириш энг камида 6 минг йил аввал бошланганидан далолат бермоқда. Бу ҳақда China Daily газетасига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Чжэцзян маданий бойликлар ва археология тадқиқот маркази мутахассислари шарқий Хитойнинг Тянло тоғи атрофидаги қазиш ишлари натижаларини таҳлил қилиб, шундай хулосага келди. Ёши олти минг йил дея баҳоланаётган чой тупи илдизлари олимлар диққатини ўзига тортди.
«Илдизлар атрофидаги тупроқ қайта ишлов изларидан дарак бериб турибди, — дейди археолог Сунь Гопин. – Бу эса ўсимликлар ўз ҳолича ўсмаганлиги, балки инсон экканлигидан далолат».
Шу пайтга қадар тарихчилар чой ўстириш ва истеъмол қилиш Хитойда 3 минг йил олдин бошланган, деб ҳисобларди.
Изоҳ (0)