Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штеркнинг маълум қилишича, Евроиттифоқ 2014-2020 йиллар мобайнида Ўзбекистонга 168 миллион евро миқдорида грант маблағларини ажратишни режалаштирган. Бу ҳақда Review.uz хабар бермоқда.
2007-2010 йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун 28,6 миллион, 2011-2013 йилларда эса 42 миллион евро миқдоридаги маблағ беғараз тақдим этилган. Элчининг қайд этишича, Европа Иттифоқи томонидан кўрсатиладиган беғараз ёрдам миқдори бундан буён ҳам ошиб боради.
Қайд этишларича, 1994-2010 йиллар мобайнида Темпус дастури доирасида Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш учун 23 миллион евро, 2011-2014 йилларда жиноят қонунчилигини ислоҳ қилишга кўмак бериш учун 9,7 миллион евро, 2012-2016 йилларга мўлжалланган оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш лойиҳаси учун 6,7 миллион евро, 2013-2016 йилларни қамраб оладиган бизнес-менежерларнинг тренинглари учун 3 миллион евро ажратилган.
Шунингдек, бюджети 10 миллион еврога тенг бўлган йирик лойиҳалардан бири – қишлоқ жойларнинг барқарор ривожланишига кўмак бериш дастури айни вақтда ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)