Қуёш батареяларида ҳаракатланувчи Solar Impulse 2 самолёти Япониянинг Нагоя шаҳридан Гавайига учди, парвоз беш кун давом этади деб хабар беради «РИА Новости».
Шу тариқа ноқулай об-ҳаво туфайли Нагояга қўнишга мажбур бўлган Solar Impulse 2 дунё бўйлаб саёҳатини давом эттирди. Самолёт Тинч океанидан учиб ўтиши учун қуёшли об-ҳаво барқарор бўлиши керак эди.
Solar Impulse 2 самолёти 28 июнь куни Тошкент вақти бўйича 23:00 да Нагоядан парвоз қилди.
Эслатиб ўтамиз, Швейцариянинг қуёш батареяларида ишловчи Solar Impulse 2 самолёти 30 май куни Хитойнинг Нанкин шаҳрида старт олган эди.
Solar Impulse 2 ўтган йилнинг апрелида тақдим этилган, июнида эса синовлардан муваффақиятли ўтган эди. Унинг қанотлари қулочи 72 метр, оғирлиги 2,3 тоннага тенг. Самолёт қаноти 17,2 мингта қуёш батареялари билан қопланган. Самолётнинг максимал тезлиги соатига 140 километрни ташкил этади.
Изоҳ (0)