Наманганнинг Ирвадан қишлоғи яқинидаги Жанубий айланма йўлида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Натижада бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши оғир аҳволда шифохонага тушди, деб хабар беради «12news.uz».
Катта тезликда «Лола» массиви томон ҳаракатланаётган Nexia автомобили Ровустон қишлоғидан келаётган, 18-рақам остидаги йўналишли такси — Damas автомобилига келиб урилган. Nexia машинасини 1997 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган лицей ўқувчиси бошқариб келаётганлиги суриштирув ишлари давомида маълум бўлди. Автоулов унинг онасига тегишли бўлган. Лицей ўқувчиси йўл ҳаракати қоидаларининг 3.2, 3.5, 10.1, 12.1, 15.3 ва 15.5 бандларини бузган.
Йўналишли такси ҳайдовчиси бу авариядан зарар кўрмаган. Аммо йўловчилардан бири ҳаётдан кўз юмган, бир киши реанимацияга тушган ва яна 4 киши турли тан жароҳатини олган.
Ҳалокат айбдори катта йўлда тезликда ҳаракатланаётиб, вақтида тормоз беришга улгурмаганини билдирган. Лицей ўқувчисининг ота-онаси энди Damas автомобилини таъмирлаб бериши учун 10 миллион сўм сарфлашига тўғри келади. Nexia’ни тиклаш учун эса 7 миллион сўм керак бўлиши хабар қилинмоқда.
Изоҳ (0)