Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев тегишли органларни мамлакат шимоли ва ғарбида сайғоқларнинг оммавий қирилиши сабабини тушунтириб бера олмаётгани учун танқид остига олди. Бу ҳақда Newskaz.ru хабар бермоқда.
Қозоғистонда май ойи ўрталарида сайғоқлар оммавий қирилишни бошлаганди. 2014 йилда Қозоғистонда 256,7 минг сайғоқ бўлса, 2015 йилнинг май июнь ойларида 132 минг жонивор қирилиб кетди.
«Турли тахминлар, қарама-қарши фикрлар ўртага ташланмоқда. Бу ҳолат эса мазкур йўналишда ҳақиқий бошбошдоқлик ҳукмронлигини, тегишли мутахассисларнинг мавжуд эмаслигини, ушбу ҳолатга сабаб бўлган сабабларни аниқлай билмасликни билдиради», - деди Қозоғистон президенти мамлакат хавфсизлик кенгаши мажлисида.
Назарбоевнинг қайд этишича, ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органлари Қозоғистоннинг барқарор ривожланиши бўйича вазифаларни амалга ошириш чоғида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг ранг-баранглиги сақлаб қолинишини таъминлашлари, хусусан, бир қатор вилоятларда сайғоқларнинг оммавий қирилиши сабабларини аниқлашлари керак.
Изоҳ (0)