Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ҳозирданоқ замонавий меъморчиликнинг эталони деб аталаётган масжид очилди, деб хабар бермоқда «Novate.ru».
Сайёҳлар ва зиёратчилар янги бинони саҳрога қўнган космик кемага ўшатмоқда.
Ноанъанавий иншоотнинг қурилиши 2013 йилда бошланган бўлиб, ҳозирда мажмуанинг осмонга интилиб турган икки қисми масжид ҳудудини ҳосил қилган.
Масжиднинг асосий меъморий унсури – араб ёзувлари билан безатилган ва исломнинг беш диний устунини ифодаловчи бешта улкан устун.
Масжид 1800 нафаргача кишини сиғдира олади. Эркаклар зали устида аёллар учун зал қурилган. Шунингдек, масжидда ўқув хоналари ва кутубхона ҳам бор.
Масжид ички қисмининг асосий хусусияти нур ва соя уйғунлигига боғлиқ. Ёритиш тизимининг ўзига хослиги шундаки, нур турли шаклдаги туйнуклардан ичкарига тушади ва юлдузли осмон кўринишини ҳосил қилади.
Масжиднинг икки минораси унинг давоми ҳисобланади ва юқорига кўтарилиб, Макка томонга эгилиб туради. 90 метр баландликдаги миноралар намоз учун кўрсаткич вазифасини ҳам ўтайди.
Масжид деворларига Қуръон оятлари туширилган, меҳроб эса олтиндан ишланган.
Изоҳ (0)