Жанубий Корея ва АҚШ 2 июнь куни Япон денгизида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди. ТАССнинг Жанубий Корея мудофаа вазирлигига асосланиб хабар беришича, машғулотлар давомида КХДР томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳарбий иғвога қарши ҳаракатлар устида ишланган.
Ҳарбий машқларда ўзиюрар К-9 гаубицалари, ракета қурилмалари, учувчисиз парвоз қилувчи қурилмалар (дронлар), патрул катерлари ва КА-1 штурмовиклари иштирок этган. Мудофаа вазирлиги яқин вақт ичида яна бир шундай ҳарбий машғулотлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Ҳозирги вақтда Жанубий Кореянинг Чежудо ороли яқинида АҚШ билан ҳамкорликда сувости кемаларига қарши тарихдаги энг йирик ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – яқинда субмаринадан туриб баллистик ракета учирган КХДР сувости флотига қарши ҳаракатларни ривожлантиришдан иборат. 3 июнгача давом этадиган машғулотларда ўндан ортиқ кема қатнашмоқда.
Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР ихтиёрида 70га яқин сувости кемаси бўлиб, уларнинг 20таси 633 (НАТО таснифи бўйича «Ромео») лойиҳасига мансуб. Шунингдек, Шимолий Корея баллистик ракеталарни учириш имконига эга янги сувости крейсерларини ишлаб чиқиш устида ҳам ишламоқда.
Изоҳ (0)