Facebook асосчиси Марк Цукерберг компаниянинг Калифорния штатидаги Менло-Парк шаҳрида жойлашган штаб-квартирасида ўтказган савол−жавоблар сессиясида ўзининг компьютер ўйинларига муносабати ҳақида тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда «TJournal.ru».
Цукербергнинг сўзларига кўра, компьютер унинг ҳаётига 10 ёки 11 ёшида кириб келган ва у доимо ўзи ўйнаган ўйинларни яхшилашни истаган. Шу хоҳиш туфайли у видео ўйинларни ярата бошлаган, улар «даҳшатли» бўлса−да, ўзи яратган нарсасидан фойдалана олиш унга завқ берган.
«Ота−оналар болалари ўйин ўйнашидан хавотирланиши ҳақида кўп эшитаман. Албатта, бунга асос бор ва ушбу масала юзасидан муҳим баҳслар шаклланган. Агар сиз болаларингиз дастурлаш билан шуғулланишини истасангиз − уларга ўйнаш имкониятини беришингиз энг яхши ишлардан бири деб ўйлайман. Агар мен болалигимда видео ўйинларини ўйнамаганимда, дастурчи бўла олмас эдим», − деди Цукерберг.
Изоҳ (0)