Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Виктор Васильевич Борисов 74 ёшида ҳаётдан кўз юмди, деб хабар қилади «Stadion.uz».
Виктор Борисов 1941 йил 17 октябрида туғилган. Футболчилик фаолиятини «Янгиер» клубида бошлаган, бироқ афсуски, оғир жароҳат туфайли футболни эрта якунлашга мажбур бўлган.
Мураббийлик фаолиятини «Тошкенткабель» клубида бошлади. 1979 йили Жиззахнинг «Бўстон» клубини қабул қилиб олди ва уни собиқ СССР чемпионатининг 1-лигасига олиб чиқди. Бу ютуғи учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвонини олди.
У «Пахтакор», «Сўғдиёна», «Насаф» клублари, Ўзбекистон олимпия ва миллий термасида фаолият юритди.
Виктор Борисов фаолиятининг энг юқори чўққиси — Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқиш бўлди. 2003 йилги ЖЧ финал босқичида ёшлар термаси германиялик мураббий Юрген Гёдега ишониб топширилди, Борисов унга ёрдамчилик қилди. Ўзбекистон ёшлар термаси эса гуруҳдан чиқа олмади.
Виктор Васильевич Борисов умрининг сўнгги йилларида Россияда истиқомат қилган бўлса-да, унинг ҳаёти ва барча ютуқлари Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистон футбол федерацияси ва Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши мураббийнинг оламдан ўтиши муносабат билан таъзия изҳор қилди.
Изоҳ (0)