Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра зенит тўпи билан отиб ўлдирилган КХДР мудофаа вазири Шимолий Корея телевидениеси орқали кўрсатилди. Бу ҳақда “Ренхап” агентлиги хабар берди, деб ёзади «Koрреспондент.net».
Агентлик таъкидлашича, Шимолий Кореяда одатда ҳукуматнинг жазоланган вакилларини газеталарда тилга олмай, телекўрсатувларда тасвирини кўрсатмай қўяди.
Бироқ Жанубий Корея бирлашув вазирлиги вакили жазоланган мансабдорларнинг телевидениеда намойиш этилиши ҳолатлари авваллари ҳам кузатилганини қайд этди.
«Хённи нима учун ҳалигача телевидение орқали кўрсатишаётганини батафсил таҳлил қилиш лозим», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея разведкаси КХДР мудофаа вазири Хён Ён Чхол давлатга хиёнат қилишда айбланиб, қатл этилганини хабар қилган эди.
Разведка маърузасида айтилишича, мудофаа вазири ҳарбий мажлис чоғида Ким Чен Ин қаршисида мудраб қолгани айбловга асос бўлиб хизмат қилган. Натижада вазир зенит тўпи билан отилган.
Қатл 30 апрель атрофида Пхеньяндаги ҳарбий билим юрти ҳудудида амалга ошган.
Кейинроқ КХДР мудофаа вазири Хён Ён Чхолнинг қатл этилиши Пхеньяндаги ғалаёнлар ҳақидаги тасдиқланмаган ахборот билан бир вақтда маълум бўлгани хабар берилди. Ғалаён ҳақидаги ахборот Ким Чен Иннинг кутилмаганда Москвадаги Ғалаба парадига бориш фикридан қайтишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)