Ирландия республикасида олти киши шаҳзода Чарльз ва унинг турмуш ўртоғи Камиллага қарши террорчилик ҳаракатини тайёрлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда The Daily Mirror хабар бермоқда.
Гумондаги икки ёш йигитнинг ёнидан қўлбола портловчи қурилмалар ва ўқотар қуроллар топилган. Бундан ташқари, Лаут, Уэксфорд ва Дублинда ҳам бир неча портловчи қурилмалар ва қуроллар топилган. Ҳозирги вақтда 21-62 ёш оралиғидаги гумонланувчилар ҳибсда сақланмоқда.Нашрнинг тахминича, гумонланувчилар «муваққат» Ирландия республикачилар армияси (ИРА) ва «ҳақиқий» ИРАга алоқадордир.
Шаҳзода Чарльз 19 май куни Ирландиянинг Маллаҳмор қишлоғига ташриф буюриб, қариндош бобосини хотирлаш ниятида эди. 1979 йили ИРА жангарилари шу ерда лорд Маунтбеттенни ўлдириб кетишганди.
«Муваққат» ИРА ташкилот ичидаги инқироз оқибатида 1969 йили ташкил этилганди. Унинг мақсади – Шимолий Ирландияни Бирлашган Қироллик таркибидан чиқариб, мустақил қилиш. «Ҳақиқий» ИРА эса 1997 йили «муваққат» ИРАдан юз ўгирган, бунга «муваққат» ташкилот аъзолари ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни қўллаб-қувватлагани сабаб бўлган.
Изоҳ (0)