АҚШнинг Мичиган штатида жойлашган Флинт шаҳрида Гигглз лақабли чўчқа шаҳар мерлигига номзод сифатида кўрсатилди. CBS Detroit хабарига кўра, чўчқа маҳаллий адвокат Майкл Юингнинг саъй-ҳаракатлари билан лавозимга даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Адвокат шаҳар мерлигига муқаддам судланган икки шахс ўз номзодини қўйганидан сўнг, чўчқани номзод сифатида кўрсатган ҳолда сайлов пойгасига қўшилишга қарор қилган. Номзодлардан бири қотиллик жинояти учун, иккинчиси эса маст ҳолда автомобилни бошқаргани сабаб судлангани айтилмоқда.«Назаримда, қотиллиги учун судланган шахснинг шаҳар мери этиб сайланиши Флинт ҳақида етарли даражада ёмон сигнал сифатида талқин этилиши мумкин», - деди Юинг. Унинг таъкидлашича, Гигглз ақлли ва мулойим жонивор, қолган икки номзод ҳақида эса бундай деб бўлмайди.
Мерликка номзод Гигглзнинг Facebook’даги саҳифаси очилганидан кейинги бир неча кун ичида 1,5 мингдан ортиқ обуначини тўплашга муваффақ бўлди. Хабар беришларича, шаҳар мерлигига сайловлар 2015 йил 3 ноябрида бўлиб ўтади.
Бу жониворларнинг Америка шаҳарлари ҳокимлигига даъвогарлик қилиши билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. 2014 йил ноябрида чихуахуа зотига оид Фрида лақабли ит шаҳар жониворларни сақлаш хизматини қўллаб-қувватлаш кампанияси доирасида Сан-Франциско мери этиб «тайинланган» эди.
1997 йили Аляскадаги унча катта бўлмаган Талкитна шаҳрида Стаббс лақабли мушук мутлақ кўпчиликнинг овози билан шаҳар мери этиб сайланган ва ҳозирги қадар шаҳарга раҳбарлик қилиб келади. 2013 йили унга суиқасд уюштирилган, бир неча ҳафтани ветеринария клиникасида ўтказганидан сўнг, мушук уйга қайтган.
Изоҳ (0)