2015 йил март ойи бошида тақдимоти ўтказилган Samsung Galaxy S6 ва S6 Edge смартфонлари бир қанча мураккаб синовлардан сўнг, ҳозирги кундаги энг кучли конфигурацияга эга бўлган қурилмалардан бири номини олганди. Аммо ҳаётда фойдаланиш давомида иккала моделнинг ҳам тез ишлашида муаммолар борлиги аниқланди, деб хабар беради «3dnews.ru».
Смартфоннинг тезкор хотираси 3 Гбайт бўлса ҳам, нотўғри тақсимланиш туфайли у тезда тўлиб қоляпти. Натижада, тезкор хотирада 200–400 Мбайт бўш жой қолганида, баъзи дастурлар ўз-ўзидан ишини якунлаяпти.
Одатда Android операцион тизими тезкор хотирада фақатгина олдинроқ ишга туширилган ва фойдаланувчи тез-тез ишлатадиган дастурларни қолдиради, кам қўлланиладиган иловалар эса хотирадан ўчириб юборилади. Аммо Samsung Galaxy S6’да бундай бўлмаяпти ва буйруқлар ўз вақтида бажарилмай қоляпти.
Samsung компанияси Twitter’даги саҳифаси орқали тез орада бу муаммони бартараф этиш учун прошивкалар чиқишини маълум қилган. Унгача фойдаланувчининг ўзи керак бўлмаган дастурларни тезкор хотирадан ўчириб туриши лозим.
Изоҳ (0)