29 апрель куни Ўзбекистон миллий домени ташкил этилганига 20 йил тўлди. «Газета.uz»нинг маълум қилишича, 1995 йилнинг айнан шу куни Жанубий Калифорния (АҚШ) Информатика институтининг университети UZ миллий доменини ташкил этиш ҳақидаги сўровни маъқуллаган эди.
2001 йилга қадар UZ доменида исталган киши бепул ном олиши мумкин эди. Шундан сўнг доменга маъмурлик қилиш ҳуқуқини Ўзбекистонда Tomas компанияси номидан иш олиб борувчи Германиянинг Euracom Equipment GmBH компанияси қўлга киритган.
2002 йил декабрида Ихтисослашган манзиллар ва рақамлар учун интернет корпорацияси (ICANN) ва Интернетдаги манзил кенгликлари ассоциацияси (IANA) қарорига асосан UZ домени устидан бошқарув ҳуқуқи UZINFOCOM марказига ўтказилди, марказ ҳозирги кунга қадар UZ домени маъмури ҳисобланади.
2005 йил кузида UZ доменини рўйхатга олувчилар сони биттадан олтитагача кўпайди, натижада домен нархи 40 доллардан (бунгача домен нархи 89 долларга ҳам тенг бўлган) 25 долларгача арзонлашди. Ҳозирги кунда домен нархи ўртача 10-15 долларни ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда UZ доменининг олтита расмий регистратори бор, булар – Tomas, Amaliy Aloqalar Biznesi, Sarkor Telecom, Billur Com, Arsenal-D ва New Line Solutions компанияларидир. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва саккиз вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари ҳам доменларни рўйхатга олиш хизматини кўрсатади.
Ҳозирги вақтда UZ доменида рўйхатга олинган доменлар сони 21 мингга етган, жорий йил бошидан бери доменлар сони 9,4 фоизга ўсди. Доменларнинг 44 фоизига жисмоний шахслар, 56 фоизига эса юридик шахслар эгалик қилади. UZ доменларининг аксарият қисми – 86 фоизи Ўзбекистон резидентлари томонидан рўйхатдан ўтказилган.
Изоҳ (0)