Наманган вилоятида фаолият олиб борувчи хусусий узумчилик, боғдорчилик хўжалиги ҳамда бир нечта фермер хўжаликлари раҳбарларига бир МЧЖ раҳбари мурожаат қилиб, маҳсулотларни тез ва маъқул нархларда сотиб беришини айтган эди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» нашри.
Хўжаликлар раҳбарларига тўлдирилмаган шартномаларни имзо ва муҳр учун тақдим этган МЧЖ директори аслида ҳеч нарса харид қилмади. Қайд этилишича, у номаълум шахслардан ва жойлардан олинган 12 миллион 861 минг 985 АҚШ доллари қийматидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чет элга экспорт қилган. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг тегишли бандларига зид равишда МЧЖнинг фаолияти давомида экспорт қилинган маҳсулотлар сотувидан тушган сумманинг 6 миллион 430 минг 992 АҚШ долларини Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклари ҳисобига ўтказмаган.
Бундан ташқари, МЧЖ раҳбарининг мансаб ваколатига совуққонлик билан қараши натижасида 2013 йил ва 2014 йилнинг 1 октябри ҳолатига кўра, ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақи бўйича қарздорлик 51 миллион 753 минг сўмга етган.
Шунингдек, жамиятнинг ўта муҳим товар-моддий бойликлари ҳисоботлари, бош китоби, иш ҳақи ҳисоблаш китоби, касса китоблари ва бошқа ҳужжатлар ҳамда бланкалар қасддан яширилиб, йўқ қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди мазкур ишни кўриб чиқиб, ҳуқуқбузарни қилмишига яраша жазолади.
Изоҳ (0)