Афсонавий қўшиқчи Майкл Жексонга тегишли, Калифорниядаги машҳур Neverland қўрғони сотувга қўйилди. Ранчо учун 100 миллион доллар сўрашмоқда, дея хабар берди ТАСС КРСС радиостанциясига таяниб.
Хабарда айтилишича, ҳозирги пайтда ранчо Colony Capital фонди томонидан бошқарилади. Ушбу фонд эса Майкл Жексон билан яқин бўлган бизнесмен Томас Барак томонидан назорат қилинади. 2008 йил баҳорида қўшиқчи молиявий муаммоларга дуч кела бошлагандан сўнг 23,5 миллион доллар миқдоридаги қарз эвазига мулк гаровга қўйилган эди.
1998 йилда Майкл Жексон Санта-Барбара округида ҳудуди 12,1 квадрат километрга тенг ер майдонини сотиб олган ва у ерни ўзининг севимли эртак қаҳрамони Питер Пэн яшаган мамлакат номи билан Neverland деб атаган эди.
Ранчода данғиллама уйдан ташқари, ширинликлар дўкони, кинотеатр, ҳайвонот боғи, болалар учун темир йўл, аттракционлар ва бошқа қатор кўнгилочар масканлар бор.
2009 йилда Майкл Жексоннинг фожиали вафотидан сўнг, қаровсиз қолган ранчонинг эгалик ҳуқуқи аниқ эмаслиги қўшиқчининг жасади ушбу ҳудудда дафн қилинишига имкон бермаган эди.
Изоҳ (0)