Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обама Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани муносабати билан табрик йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
«Сиз Президент лавозимида навбатдаги муддатда иш бошлаётганингиз муносабати билан Сизга ва Ўзбекистон халқига тинчлик ва равнақ тилайман. Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасида муштарак манфаатлар мавжуд бўлиб, улар ўзаро муносабатларимизнинг мустаҳкам ва изчил ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, биз кўплаб умумий таҳдидларга ҳам дуч келмоқдамиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз икки томонлама муносабатларимиз кенгайишига, шериклигимиз халқларимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Бугунги таҳликали дунёда доимий барқарорлик ва хавфсизликка демократик ва масъулиятли бошқарувсиз, жумладан, асосий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилмасдан эришиб бўлмайди. Президент лавозимида янги муддатдаги фаолиятингизда ушбу муҳим масалалар бўйича Сиз билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидаман. Америка халқи номидан Ўзбекистон халқига эзгу истакларимни йўллаб, мамлакатингизга тинчлик ва тараққиёт тилайман», − дейилади табрикда.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижаларига биноан Ислом Каримовга сайловчиларнинг 90,39 фоизи овоз бергани маълум бўлди.
Изоҳ (0)