Қуддус округ суди Исроил собиқ бош вазири Эхуд Ольмертга қарши коррупция ишларидан бири бўйича уч йил аввал қабул қилинган оқловчи ҳукмни қайта кўриб чиқиб, уни фирибгарликда ва жамоатчилик ишончини суиистеъмол қилишда айбдор деб эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий телеканалларга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Ҳукмнинг қайта кўриб чиқилиши собиқ бош вазирга бошқа иш бўйича тайинланган жазо муддатининг узайтирилишига олиб келиши мумкин.
Судьялар 30 март, душанба куни Ольмертнинг америкалик бизнесмен Морис Таланскийдан йирик суммадаги маблағ олганлигида жиноят белгиларини топди. Ольмертга берилган ўнлаб минг долларлар нафақат сиёсий фаолиятга, балки шахсий мақсадларга — ҳашаматли меҳмонхоналарда яшаш, биринчи класс билан трансатлантик парвозлар, Италияда оилавий саёҳатларга сарфланган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 13 май куни Исроилнинг собиқ бош вазири Эхуд Ольмерт порахўрлик учун олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Маълум бўлишича, у Қуддус (Иерусалим) мэри лавозимини эгаллаб турган пайтида Holyland турар-жой мажмуаси қурувчиларидан 144 минг доллар, яна бошқа иш бўйича эса 17 минг доллар пора олган.
Изоҳ (0)