Жорий йилнинг 7-8 март кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида регби бўйича ўтказилган Asian Olympic Pre-Qualifier халқаро турнирида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош совринни қўлга киритди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Биринчи кун бўлиб ўтган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ҳиндистон (12:5), Жанубий Корея (22:7), Филиппин (17:5) ва Эрон (32:0) терма жамоаларини мағлуб этди. Иккинчи кунги баҳсларда Ўзбекистон вакиллари гарчи Гуам терма жамоасига 10:12 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да, ҳал қилувчи финал баҳсида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Финал учрашувида мезбон Ҳиндистон терма жамоасини йирик 38:0 ҳисобида мағлубиятга учратган Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, бош совринни қўлга киритди.
Энди Ўзбекистон вакиллари 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Олимпия ўйинларининг йўлланмаси учун бўладиган саралаш ўйинларида иштирок этади. Саралаш баҳслари шу йилнинг ноябрь ойида Гонконг ва Токио шаҳарларида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)