ЎФФ анжуманлар залида Ўзбекистон Суперкубоги олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳар икки жамоа аъзолари ОАВ ходимлари саволларига жавоб берди, деб хабар беради «Uff.uz».
«Пахтакор» бош мураббийи Самвел Бабаян эртага бўладиган ўйинда ғалаба учун майдонга тушишини таъкидлаб ўтди.
«Мавсумда 4 соврин учун курашяпмиз. Суперкубок, олий лига, кубок ва Чемпионлар Лигаси. Ҳар бир баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз, – деди Бабаян. – Мавсум бошланишида ажойиб байрам кузатилади. Биз ишқибозларга хурсандчилик улашишга ва чиройли футбол намойиш этишга интиламиз.
Футболчилар ўйинга тайёр. Тикланиш учун етарлича вақтга эга бўлдик».
Шунингдек, у энг яхши мураббий бўлишида ота-онаси ва устозларининг ҳиссаси катта эканлигини қайд этди: «Бу ютуқни уларнинг муваффақияти сифатида биламан. Бу менинг биринчи шахсий совриним. Бу менга катта масъулият юклайди».
Самвел Бабаян «Локомотив» таркибини ўзгартиргани ва яхши савиядаги футболчилар билан шартнома имзолаганини ҳам ёдга олди: «Жамоа ҳужумкор ўйин намойиш қилади. Рақибни ўрганган ҳолда ўйинга режа тузиб, бор кучимизни беришга уринамиз. Эртага барчасини кўриб олишимиз мумкин».
«‘Шабаб’ билан учрашувда баъзи ҳимоячиларнинг хатоси рўй берди. Бундай ҳолат юз бериб туради, – деб қўшимча қилади мураббий. – Ўша ҳолатларни биргаликда ўрганиб чиқдик.
Ўйин давомида жамоа ҳар қандай ҳолатда услубни ўзгартиришга тайёр туриши керак. Бунинг устида машғулотларда ишлаймиз. Охирги учрашувларда қилган меҳнатимиз бесамар кетмади. Футболчиларда жамоа учун борини бериш жиҳати ҳам бўлиши керак. Ўйинчиларимиз учун ‘Пахтакор’ рамзи кўп нарсани англатади. Улар катта маош ёки мукофот пуллари туфайли бизнинг таркибда майдонга тушмайди.
Олимпия терма жамоасига чақирилган футболчилар борасида терма жамоа мураббийлар штаби билан муҳокама қиламиз. Асосий таркиб ўйинчиларининг кетиши таъсир қилиши мумкин. 1-тур ўйинини қолдириш керак эмас. 8 мартдаги ўйиндан кейин ушбу масалани муҳокама қилишга киришамиз».
Изоҳ (0)