Мисрда, Луксор ғарбида америкалик археологлар тахминан 3,5 минг йиллик тарихга эга, деворий суратлар билан безатилган мақбарани топди, дея хабар бермоқда Meduza. У қадимги Миср қуёш худоси Амон ибодатхонаси коҳини бўлган атоқли кишига тегишли бўлган.
Тадқиқотчилар мақбарага дафн этилган кишининг исми Аменхотеп эканлигини аниқлади — бу деворга ўйиб ёзилган эди. Баъзи қисмлари жуда яхши сақланиб қолган рангли деворий суратларда унинг рафиқаси билан худоларга ҳадялар тортиқ қилаётгани тасвирланган.
Девордаги худо Амоннинг сурати эса фиръавн Эхнатон ҳукмдорлиги даврида (эрамиздан аввалги 1375—1336 йиллар) атайлаб йўқ қилинган.
Мақбарага дафн этилган коҳин Қадимги Мисрнинг XVIII сулоласи даври (эрамиздан аввалги 1550—1292 йиллар)да яшаган. Ушбу сулола вакилларидан бири фиръавн Эхнатон ягона худо — Атон худосига сиғинишни жорий қилиб, қолган худоларга сажда қилишни тақиқлаган.
Изоҳ (0)