Болгария пойтахти София шаҳрида давом этаётган бокс бўйича анъанавий «Странжа» халқаро турнирида ярим финалчилар маълум бўлди. Ўз тарихида 66-бор ташкил этилган мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон чарм қўлқоп усталари ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказяпти, деб хабар беради «Olamsport.com».
Қувонарлиси, кеча, 26 февраль куни рингга кўтарилган ўзбекистонлик боксчилардан тўққиз нафари рақибларини мағлуб этди.
Кечаги кун баҳсларини ҳам 49 кг вазнли боксчилар бошлаб берди. Ушбу вазн тоифасидаги чарм қўлқоп устаси Абдулла Қўчқоров украиналик Дмитро Замотаевни 3:0 (29:28, 29:28, 29:28) ҳисобида таслим этди.
52 кг вазнда рингга чиқаётган Шаҳобиддин Зоиров украиналик Игорь Сопинскини 3:0 ҳисобида доғда қолдирди. Ҳакамлар 29:28, 30:27, 30:27 ҳисобларида ғалабани Шаҳобиддинга тақдим этди.
56 кг вазнда рингга кўтарилаётган Муроджон Аҳмадалиев ҳам ғолибона юришини давом эттирди. У бу сафар ирландиялик Норт Уолкерни 2:1 (29:28, 28:29, 29:28) ҳисобида енгишнинг уддасидан чиқди.
60 кг вазндаги Элнур Абдураимов эса тенг курашлар остида кечган жангда болгариялик Элиан Димитровга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Беларуслик ҳакам 30:27 ҳисобида ғалабани Элнурга берди. Молдова ва чехиялик ҳакамлар эса бир хил 29:28 ҳисобида мезбон боксчининг ғалабасини таъминлади.
64 кг вазни тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Фазлиддин Ғоибназаров анча кучли рақиб қозоғистонлик Ғани Жайлауовни 3:0 (30:27, 29:28, 30:27) ҳисобида доғда қолдирди.
69 кг вазндаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Исроил Мадримов ҳам ғалаба нашидасини сурди. Исроил арманистонлик рақиби Владимир Маргарянни 3:0 ҳисобида енгди. Ҳакамларнинг бари бир хил 30:27 ҳисобида ғалабани Исроил Мадримовга тақдим этди.
75 кг вазн тоифасида рингга кўтарилаётган Нанкин ўсмирлар Олимпия ўйинлари ғолиби Бектемир Мелиқўзиев туркиялик Осман Айдин рингга чиқишдан бош тортгани учун жангсиз кейинги босқичга йўлланма олди.
81 кг вазн тоифасида қатнашаётган тажрибали боксчи Элшод Расулов ҳам чиройли ғалабага эришди. У швейсариялик Уке Смайлидан 3:0 (30:27, 30:27, 30:27) ҳисобида устун келди.
91 кг вазн тоифасидаги Рустам Тўлаганов ирландиялик Даррен Oneйлдан 3:0 ҳисобида устун келди. Уччала ҳакам ҳам ўзбекистонлик чарм қўлқоп устасининг бир хил 30:27 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Энг оғир +91 кг вазн тоифасидаги Ўзбекистон вакили ҳам чиройли ғалабага эришди: Баҳодир Жалолов украиналик рақиби Legoр Плевакони биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратди.
Изоҳ (0)