23 февраль куни чартер рейс орқали Эроннинг «Тракторсози» клуби кеч соат 18:00 да Қаршига етиб келди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Меҳмонлар таркиби 48 кишидан иборат, кутилганидек жамоа таркибидаги икки легионер футболчи Эдер Лучиано ва Исса Ндоелар ҳам бор. Шунингдек, Эрон миллий терма жамоаси аъзоси Андрианик Таймурян ҳам жамоа билан бирга Қаршига келди.
Клуб расмий сайти ҳам бу ҳақда хабар берди. «Биз Қаршига кеч соат 18:00 да етиб келдик, Қарши шаҳри бизни кучли қор билан кутиб олди, ҳаммамиз шокка тушиб қолдик»,− дейилади хабарда.
Айни пайтда Қарши шаҳрида қор ёғиши тўхтади. Ёққан қор эришда давом этмоқда. Ҳаво ҳарорати совуқ эмас. Аммо стадион ходимлари анча меҳнат қилишларига тўғри келади. Шунингдек меҳмонлар кеча Қаршидаги «Геолог» стадионини ҳам кўздан кечиришган. Уларнинг бу ерда машғулотлар ўтказиши мулжалланган.
Эслатиб ўтамиз, бугун соат 11:00 да ҳар иккала жамоа расмийлари иштирокида митинг ва 12:00 да ўйин олди матбуот анжумани бўлиб ўтади.
«Насаф» ПФК матбуот хизматида ҳам иш жуда қизғин, ОАВларнинг аккредитация карточкалари ҳам кечадан тарқатила бошланди. Хуллас, ўйин учун ҳамма нарса тайёр, фақат футбол байрамига об-ҳаво йўл қўйиб берса бўлди.
Изоҳ (0)