«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги сўровида иштирок этганларнинг фикрича, 2014 йилда аҳоли моддий даражасини ошириш, турар-жой шароитлари, умуман, ҳаёт сифатини янада юксалтириш борасидаги улкан ишлар давом эттирилди, деб хабар беради «Халқ сўзи» нашри.
Буни узоқ муддат фойдаланиладиган маҳсулотларга эга фуқаролар сони кўпайгани мисолида ҳам кузатиш мумкин. Респондентлар томонидан ҳар икки оиланинг биттасида автомобиль, шунингдек, кир ювиш машинаси, чангютгич, параболик антенна, компьютер кабилар мавжудлиги айтиб ўтилди. Ўз навбатида, оилалар томонидан замонавий маиший ва электротехника воситаларига эга бўлиш республиканинг барча ҳудудида жадал суръатларда ҳамда нисбатан бир меъёрда кечмоқда.
Бу галги ижтимоий тадқиқот якунлари 2012/2013 йиллардаги сўровлар билан муқояса қилинганда, шу маълум бўлдики, таълим, ойлик иш ҳақини ўз вақтида олиш, саломатлиги, оиладаги ички келишмовчилик, ҳуқуқининг бузилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган фуқаролар сони камайган. Бугун ўзбекистонликларнинг мутлақ катта қисми ўзининг шахсий уйи ёки квартирасига эга.
Одамларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқий асосларга қатъий риоя этган ҳолда яшашга интилиш ҳиси сезиларли даражада ошган. Деярли 40 фоиз респондентнинг фикрича, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иши уларнинг кундалик фаолияти шаффофлиги ва шу билан боғлиқ ахборотга эга бўлиш нуқтаи назаридан яхши томонга ўзгарган.
Социологик сўровга мувофиқ, фуқароларнинг мутлақ катта қисми Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграцияга киришиш даражаси, хориж давлатлари билан иқтисодиёт, саноат, транспорт коммуникацияларини барпо этиш, фан, маданият, таълим, тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлигини юқори баҳолайди.
Респондентларнинг мутлақо кўпчилиги мамлакатда обод турмуш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиши учун барчаси муҳайё этилган, деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)