2014 йилда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетини дастлабки ҳарбий шифокорлар битирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Яқин-яқинларга қадар Ўзбекистонда Қуролли Кучлар учун тиббий хизмат офицерларини тайёрлайдиган бундай ўқув муассасаси йўқ эди. Шунинг учун олий тиббиёт ўқув юртлари битирувчилари ҳарбий шифокор бўлиб ишларди. Фуқаро ва ҳарбий тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш жараёнида сезиларли фарқ бор.
Тиббий хизмат офицерлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тиббий таркиби ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида 2012 йил 10 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Факультет бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Жаҳонгир Собировнинг сўзларига кўра, ушбу факультет Қуролли Кучлар учун тиббий хизмат офицерларини тайёрлайдиган Ўзбекистондаги ягона ўқув муассасасидир. Ушбу факультет 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг ҳарбий кафедрасини қайта ўзгартириш йўли билан ташкил этилган.
Факультетнинг беш кафедрасида ҳарбий шифокорлик фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ўқитилмоқда. Курсантлар дарс давомида қўшинларни тиббий таъминлаш, ҳарбий-дала жарроҳлиги ва терапиясини ташкил этиш, гигиена ва эпидемиология, токсикология ва радиология, турли жанговар заҳарли моддалар билан зарарланганда тиббий ҳимоя ва даволаш усуллари бўйича билим олмоқда. Бундан ташқари, курсантлар ҳарбий фанларни пухта ўрганиб, жисмоний тайёргарлигини ҳам такомиллаштирмоқда.
Факультетда таълим жараёни замонавий педагогик услубларга асосланган бўлиб, ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилмоқда. Бўлажак шифокорларнинг касб маҳоратини оширишга ёрдам берадиган турли кўргазмали қўлланмалар, макет ва тренажёрлар ҳам эътиборга лойиқ. Бундай ўқув материаллари факультетнинг ҳарбий-дала жарроҳлиги кафедрасида ўқитишнинг муҳим қисмини ташкил этади.
Изоҳ (0)