Ўзбекистонда шундай одат бор: меҳмонга чой узатишдан аввал мезбон пиёлага чой қуйиб, чойнакка қайтариб солади, бу уч марта такрорланади. Гап шундаки, шу тариқа чой тезроқ дам ейди, пиёлаларга солинган чой ҳам бир хил тусда бўлади, деб ёзилади Facebook’даги Uzbek Cuisine саҳифасида.
Бундан ташқари, ўзбек оилаларида меҳмонга чойни пиёлага ярим қилиб солиб бериш анъанаси ҳам мавжуд. Натижада меҳмоннинг чойи тез тугаб қолиб, у уй эгасига қайта-қайта чой сўраб мурожаат қилади. Ушбу одатнинг маъноси шундан иборатки, мезбон чойни пиёлага камроқ қуйиб бериши меҳмондўстлик аломатидир, меҳмоннинг чой сўраши эса уй эгаларига ҳурмат белгиси ҳисобланади. Бундан ташқари, тўла бўлмаган пиёлани қўлда ушлаш ҳам қулай.
Эски одатлар бўйича, ўзбек оиласи уйига ташриф буюрган ёқимсиз меҳмонга чойни пиёлага тўлдириб узатишган ва дипломатик тарзда унинг хушланмаганини билдиришган. Меҳмон эса мезбон нимага шама қилаётганини тушуниб, чой ичасолиб кетишга шошилган. Бироқ ҳозирги кунда бундай анъанага риоя қилинмайди.
Изоҳ (0)