Гулноз Тожибоева Жанубий Кореядаги халқаро эртакчилик санъати танловида ғолиб бўлди
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказида Осиё давлатлари халқ оғзаки ижодидаги афсона, эртак ва эпослар асосидаги сценарийлар халқаро танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистонлик ёш ижодкор Гулноз Тожибоеванинг анимацион фильм учун ёзилган «Жайхун ва аланга» номли сценарийси танловда биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Ҳалоллик, масъулият, меҳр-оқибат сингари юксак фазилатлар тараннум этилган мазкур асарда она-табиатни, унинг бебаҳо неъматларини асраб-авайлаш ғояси илгари сурилган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Корея Республикаси Маданият, спорт ва туризм вазирлиги, Осиё «Эртакчилик санъати» халқаро қўмитаси ҳамкорлигида 2011 йилдан буён Осиё давлатларининг халқ оғзаки ижодидаги афсона, эртак ва эпослар асосидаги сценарийлар бўйича халқаро танлови ўтказиб келинмоқда. Ушбу танлов маданий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқ оғзаки ижодиёти намуналарини асраш, уни кенг тарғиб этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу йилги танлов июнь ойида эълон қилиниб, унга қадимий достон, ривоят, эртак ва афсоналар асосида яратилувчи анимацион фильмлар, телесериал, мюзикл, спектакль, бадиий фильм учун Марказий Осиё давлатлари, Жанубий Корея, россиялик муаллифлардан 200 га яқин турли жанрдаги ишлар тақдим этилди.
Изоҳ (0)