Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида 2014 йилнинг 13 декабрь куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) нинг жисмоний реабилитация усуллари бўйича мутахассиси, волонтёр Кашиваги Минори хоним ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.
Минори хоним Япониянинг Хойюкай Такеока госпиталида беш йил ишлаган ва жисмоний усуллар ёрдамида даволовчи (терапевт) дипломига эга.
Жисмоний усуллар ёрдамида даволаш – МДҲ давлатлари учун янги мутахассисликдир. Жисмоний усуллар ёрдамида даволаш кўплаб ғарб давлатларида мавжуд. Бу мутахассислик уқаловчи ёки даволаш бадан-тарбия йўриқчиси эмас, балки жисмоний усуллар ёрдамида даволовчи мутахассис функсионал усуллар билан, аввало ҳаракат функциялари бузилишини даволаш билан шуғулланадиган ва бунинг учун дори-дармонлардан фойдаланмасдан, аксинча жисмоний машқлар, мануал терапия, уқалаш ва турли табиий омилларнинг таъсири, шунингдек қўшимча реабилитация техник воситаларидан фойдаланадиган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, ушбу мутахассис касалликларнинг иккиламчи асоратларини олдини олишга йўналтирилган кундалик фаолият дастурини тузади, керакли асбоб-ускуналар ва одатда уй шароитида қўлланиладиган буюмлардан восита сифатида кундалик жисмоний машқларни бажариш учун табиий шароитда фойдаланишга ўргатади. Бундан ташқари, мутахассис ёрдамчи мосламаларни шундай мослаштирадики, натижада улар одамнинг бўйи, вазни ва имкониятларига муносиб равишда бўлади, лозим бўлганда мустақил ҳолда оддий мосламаларни тайёрлайди ва бемор ёки унинг яқинларини ўргатади.
Шу сабабли, Ўзбекистонда имконияти чекланган шахсларни реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш учун жисмоний усуллар ёрдамида даволашни амалиётга жорий этиш жуда муҳимдир. Минори хоним услубий қўлланмаларни тайёрлаш ва Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда ногиронлар учун ҳудудий реабилитация марказларининг ходимларини жисмоний усуллар ёрдамида реабилитация қилиш усулларига ўргатиш, кейинчалик олган билимларини марказларнинг кундалик фаолиятига татбиқ этишларига масъул ҳисобланади. Бундан ташқари, Минори хоним ҳаракатланиш тизимида чекланишлар бўлган беморларни мустақил равишда қабул қилади, ташхис қўяди ва якка тартибда ёрдам кўрсатиш дастурларини тузади ҳамда беморнинг ўзини ва яқинларини ўргатади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва JICA кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Кейинги 5 йил мобайнида JICA йўлланмаси бўйича вазирлик тизимида учта волонтёр-эксперт реабилитологлар муваффақиятли фаолият олиб бордилар. Улардан икки нафари бевосита Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида иш юритганликлари, реабилитация хизматининг сифатини янада яхшиланишига ёрдам берди. JICA грант йўналиши бўйича тақдим этилган 60 га яқин тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказининг фаолиятида фойдаланилмоқда. Масалан, тақдим этилган аппаратуралар, жумладан эндоскоп, электромиограф ва артроскоп шифокор реабилитологларнинг амалий фаолиятида муҳум ҳисобланади, умуртқа поғонаси диск чуррасини бартараф этиш, тизза ва чаноқ-сон бўғими, оёқ-қўлдаги ҳаракат бузилишларида жарроҳлик муолажаларини анча енгиллаштиради.
Шунингдек, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон вилояти минтақавий реабилитация марказларига жами 240 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар тақдим этилган.
Изоҳ (0)