Пиротехника воситаларининг республика ҳудудига ноқонуний равишда кириб келиши ва айланишини олдини олиш, шунингдек, оммавий-маданий тадбирларни ўтказилишида хавфсизликни таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан божхона органлари томонидан муайян ва мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона ходимлари томонидан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 77 та қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, салкам 416 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.
Жумладан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари муқаддам ноқонуний йўллар билан кичик туркумларда олиб келиниб, жамланган йирик миқдордаги пиротехника буюмларининг яширин равишда сақланаётганини фош қилди.
Дастлаб самарқандлик фуқаро бошқарувидаги Matiz автомашинаси ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, унда ҳамшаҳари томонидан 6 дона пиротехника воситалари ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳуқуқбузарликни илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пиротехника воситаларини сотган яна бир фуқаронинг хонадони участка нозири ва холислар иштирокида амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, хонадон ертўласидаги полиэтилен қоплар ва қоғоз қутиларда 11 турдаги салкам 89 минг дона пиротехника воситалари яширинча сақланаётганлиги фош қилинди. Аниқланишича, мазкур пиротехника воситаларининг оғирлиги 770 килограммдан, қиймати эса 37 миллион сўмдан ортар экан.
Изоҳ (0)