2014 йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа ташқи фаолият хизмати (ЙТФХ) департаменти директори Гуннар Вигандни қабул қилди, деб хабар берилди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида.
Гуннар Виганд «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» ҳамкорлиги қўмитасининг Тошкент шаҳридаги навбатдаги йиғилишида иштирок этаётган Европа Иттифоқи делегациясига бошчилик қилмоқда.
Суҳбат давомида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳамда «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» ҳамкорлиги кенгашининг 2014 йил 17 март куни Брюссель шаҳридаги йиғилиши доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Бўлиб ўтган фикр алмашинуви турли соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга икки томонда ҳам қизиқиш мавжудлигини тасдиқлади. Жумладан, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, атроф муҳитни асраш, парламент тизимини мустаҳкамлаш, суд-ҳуқуқ ва таълим соҳаларини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар бўйича ҳамкорлик алоқалар ривожида алоҳида ўринга эга.
Шунингдек, халқаро муаммоларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Учрашувда Европа Иттифоқи делегацияси бошлиғи, элчи Юрий Штерк ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)