Дунёнинг энг баланд биноси ҳисобланган «Бурж Халифа»нинг 13,48 метр баландликка эга шоколад макети 30 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари ташкил топганлигининг 43 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналар доирасида Дубай халқаро аэропортида ўрнатилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Шоколад минора қандолатчи Эндрю Фарругианинг ижод маҳсули ҳисобланиб, бино барпо этилишида 4200 килограмм Бельгия шоколадидан фойдаланилди.
Аэропорт маъмурияти илова қилишича, Фарругиа жамоаси бу бинони тайёрлаш учун 1050 соат мобайнида ишлашган.
Фарругианинг келиб чиқиши Мальтадан бўлиб, қандолатчилик соҳасида 32 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг машҳур ишлари сифатида Лондон, Мальта ва Мисрдаги қатор мусобақалар совриндори бўлган шоколад ҳайкалларини келтириш мумкин. Эндрю Фарругиа ўтган йили Брюсселда Гиннесс рекордлар китобига киритилган энг узун шоколад ҳайкалини – 34 метр узунликдаги поездни яратишга масъул бўлганди.
Изоҳ (0)