АҚШнинг Миссури штати Фергюсон шаҳрида 18 ёшли афро-америкаликни отиб ўлдирган полициячи Даррен Уилсон АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан бўшади, дея хабар бермоқда «Ведомости».
29 ноябрь, шанба куни унинг адвокати Нил Брантрейгер истеъфо тўғрисидаги ариза зудлик билан кучга киришини маълум қилди.
Уилсон ўз аризасида Фергюсон фуқаролари ва полицияси ходимларини хавф остига қўймаслик учун ишдан кетаётганини қайд этди ва бу тартибсизликларга барҳам беришига умид билдирди.
9 август куни бўлиб ўтган фожиадан кейин Фергюсон полиция бошқармасида олти йилдан буён ишлаб келаётган Уилсон маъмурий таътилга чиқарилган эди. Адвокати сўзларига кўра, у шунча вақт давомида жисмоний жазодан қўрқиб, яшириниб юришга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, август ойида 18 ёшли қоратанли ўсмирни отиб қўйгани учун полициячи Даррен Уилсон қамоққа олинган эди. 25 ноябрь куни АҚШнинг Миссури штати Сент-Луис суди прокурори Боб Маккалок унинг оқланганини эълон қилди. Ҳукмдан норози бўлганлар 38 та штатда тартибсизликларни юзага келтирди.
Изоҳ (0)