Тошкент шаҳрида 28 ноябрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шу қутлуғ санага бағишланган тадбирга вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, санъат ва маданият намояндалари, ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар, мухлислар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 27 ноябрдаги «Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллиги муносабати билан театр ижодкорларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра ижодий жамоанинг бир гуруҳ ходимлари Ўзбекистоннинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг ана шу юксак мукофотлари топширилди.
Маросимда театр директори М. Исмоилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артисти М. Холиқова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист А.Набиев, «Дўстлик» ордени соҳиби, театр рассоми С. Цой ва бошқалар миллий маънавият, маданият ва санъат ривожи йўлидаги улкан эътибори учун Президентга самимий миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбарининг театр юбилейи муносабати билан йўллаган табриги театр жамоасининг қалбини фахр-ифтихорга тўлдиргани таъкидланди.
Бадиий кечада Миллий театрнинг 100 йиллигига бағишлаб киноижодкорлар томонидан яратилган ҳужжатли фильм, вилоятлар ва пойтахтдаги театр жамоалари, санъат усталари иштирокида тайёрланган театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.
Изоҳ (0)