2014 йил 4—16 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. 2016 йил Рио-де-Жанейродаги ёзги олимпиада ўйинларига йўлланма-лицензиялар бериладиган ушбу муҳим мусобақада Ўзбекистон шарафини 11 нафар оғир атлетикачи ҳимоя қилди, деб хабар беради Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси.
«Olamsport» маълум қилганидек, мазкур жаҳон чемпионатида 105 килограмм вазн тоифасидаги атлетларнинг даст кўтариш мусобақаси ҳозиргина якунига етди.
Амалдаги жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Нуриддинов даст кўтаришда 193 килограмм натижа билан олтин медални қўлга киритди. Ғолиблик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланган қозоғистонлик Илья Ильин 190 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, бронза медалга сазовор бўлди. Кумуш медаль хитойлик Ян Чжега насиб этди. У 191 килограмм тош кўтарди.
Силтаб кўтариш мусобақасида эса 3-уринишда 239 килограмм вазнни кўтарган Руслан жаҳон рекордини янгилади. Аммо Русланнинг рекорди узоқ вақт сақланиб турмади. 240 килограммга буюртма берган Давид Беджанян бу вазнни қийинчилик билан забт этди ва жаҳон рекордини яна янгилади. Бироқ мусобақанинг рекордли натижалари бу билан якунланмай, Қозоғистон спортчиси Илья Ильин 242 килограмм вазнни кўтариб жаҳон рекордини учинчи бор янгилади. Шу тариқа жуда қизиқ кечган мусобақада жаҳон рекорди кетма-кет уч маротаба янгиланди.
Шу тариқа, Руслан Нуриддинов даст кўтариш машқларида 193 килограмм вазнни кўтариб 1-ўринни, силтаб кўтариш машқларида 239 килограмм вазнни кўтариб 3-ўринни, икки кураш натижаларига кўра, 432 килограмм вазнни забт этиб, мусобақа мезбони Илья Ильиндан вазни 450 грамм оғирлиги ҳисобига 2-ўринни забт этди. Ушбу нуфузли мусобақадан Руслан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан қайтадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 12 ноябрь куни 85 килограммгача бўлган вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Улуғбек Алимов силтаб кўтариш машқларида 213 килограмм вазнни кўтариб кумуш медални қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)