ПараОсиё ўйинларининг ўзбекистонлик ғолиб ва совриндорлари Осиё ўйинлари медаллари соҳиблари билан бир хил миқдорда пул мукофотларига эга бўлади. Тегишли қарор Ўзбекистонда паралимпия спортини ривожлантириш, шунингдек ПараОсиё ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш мақсадида 27 октябрь куни Президент Ислом Каримов томонидан имзоланди, деб ёзади Gazeta.uz.
Давлат раҳбарининг 2006 йил 20 декабрдаги фармонига киритилган ўзгартиришларга кўра, Осиё ва ПараОсиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари олтин медаль учун 5000 доллар, кумуш медаль учун 3000 доллар, бронза медаль учун эса 2000 доллар пул мукофотларини қўлга киритади.
Нашрнинг эслатишича, 18—24 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган II ПараОсиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалга эга бўлган эди. Президент қарори билан мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланган эди.
Изоҳ (0)