Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган ПараОсиё ўйинлари бугун, 24 октябрь куни ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.
Қарийб бир ҳафта давом этган мазкур мусобақаларда қитъанинг 41 давлатидан келган 2448 нафар спортчи дастурдан ўрин эгаллаган спортнинг 24 тури бўйича жами 1345 комплект (443 та олтин, 433 та кумуш, 469 та бронза) медаллар шодаси учун кураш олиб бордилар.
Эътиборлиси, ПараОсиё ўйинларида иштирок этган 27 нафар спортчимиз 22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза жами 31 та медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 41 давлат орасида фахрли 5-ўринни банд этди. Шу билан бирга мамлакатимиз спортчилари ПараОсиё ўйинларида 12 маротаба Осиё рекордини янгилашга ҳам муваффақ бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ПараОсиё ўйинларида иштирок этган давлатлар орасида делегация таркибидан ўрин эгаллаган спортчилар сонидан кўп медалга фақатгина Ўзбекистон ҳамда Хитой (226 нафар иштирокчи – 317 та медаль) делегациялари сазовор бўлдилар.
Умумжамоа ҳисобида биздан юқори ўринларни эгаллаган Жанубий Корея делегацияси 321 нафар спортчи билан жами 211 та медални, Япония термаси 291 нафар спортчи билан жами 143 та медални, Эрон делегацияси эса 198 нафар спортчи билан жами 120 та медални қўлга киритди. Биздан кейинги ўринда жойлашган Таиланд термасида 217 нафар спортчи 107 та медалга сазовор бўлди
ПараОсиё ўйинларида улкан ғалабаларни қўлга киритган делегациямиз аъзолари 26 октябр куни соат 19:20да Ўзбекистонга қайтиб келадилар.
Изоҳ (0)