Хитой ва Россиянинг иттифоқи келажакда АҚШ ташқи сиёсати учун биринчи рақамли глобал муаммо бўлади. Таҳлилчиларнинг бу ҳақдаги фикрларини Хитойнинг CNBC телеканали ўз эфирида келтирган, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
«Хитойнинг яқинлашаётган ҳалокати» китобининг муаллифи Гордон Чанг Москва ва Пекиннинг яқинлашуви икки буюк давлат иитифоқининг қайта тикланиши билан бирга, АҚШнинг глобал етакчилигига ҳам таҳдид солишига олиб келишини айтиб ўтган.
АҚШдаги Stratfor хусусий таҳлил компанияси ходими Лорен Гудричнинг фикрича, ҳозирги геосиёсий шароитлар, жумладан Москвага нисбатан санкциялар Хитой ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига олиб келмоқда. АҚШ ҳукмронлигининг эмас, балки кўп қутбли дунёнинг тарафдори бўлган иккала давлат шу мақсадда ўз кучларини бирлаштириши мумкин.
Вашингтондаги Жон Хопкинс университети профессори Дональд Женсеннинг сўзларига кўра, Хитой ва Россия халқаро ҳамжамиятга таъсир қилиши ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорларига вето қўйиш ёки энергетикадан қурол сифатида фойдаланиш орқали АҚШ ва Европа Иттифоқининг ҳукмронлигига қаршилик кўрсатиши мумкин.
CNBC вакилларининг таъкидлашича, Россия ва Хитой ўртасидаги иттифоқнинг қанчага чўзилишини аниқ айтиб бўлмайди, бироқ агар бу узоқ муддатли бўлса, совуқ уруш тугаганидан кейин бошланган даврга чек қўйиши мумкин.
Изоҳ (0)